Ўзбекистон таълим муассасаларида 2015-2016 ўқув йили бошланди
Бугун, 2 сентябрь куни Ўзбекистон республикасидаги барча таълим муассасаларида янги – 2015-2016 ўқув йили бошланди.
Жумладан, 4520826 нафар ўқувчи Билимлар кунини нишонлаш, янги ўқув йилининг илк кунидаги сабоқларда иштирок этиш учун юртимиздаги 9698та умумтаълим мактабига қадам қўйди. Уларнинг 631 минг нафари биринчи синф ўқувчиларидир. Уларга 12 номдаги ўқув анжомларидан иборат «Президент совғаси» белгиланганидек, ўқув йилининг биринчи кунида топширилди.
Янги ўқув йилида ўқувчиларни дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш мақсадида 454 номдаги дарслик ва ўқув қўлланма чоп этилиб, жойларга етказилди. 1-синфга қабул қилинадиган ўқувчилар учун чет тили дарсликлари, машқ дафтарлари, ўқитувчилар учун методик қўлланма ва мультимедиа иловалари чоп этилди.
Халқ таълими вазирлиги томонидан мактаблар қошидаги ахборот-ресурс марказларининг китоб захирасини бойитишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда бошланғич синф ўқувчилари учун лотин алифбосида 27 номдаги салкам 850 минг тираждаги бадиий адабиётлар, болалар учун китоблар етказилди.
2014-2015 ўқув йилида умумтаълим мактабларини тамомлаган 483 минг нафардан зиёд 9-синф битирувчилари мамлакатимиздаги 1555та ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси, шу жумладан, 143та академик лицей ва 1412та касб-ҳунар коллежидаги илк таҳсилини бошлади.
Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатаётган 76та, шу жумладан, 76 та, 20та университет, 36та институт, 2та академия, 11та филиал ҳамда 7та чет эл ОТМ филиалларида ушбу ўқув йилида талабалик бахтига эришган 57 907 нафар бакалавр, шунингдек, 5 минг нафар магистр ўз таҳсилини бошлади.