Фан-техника | 13:03 / 02.09.2015
2564
1 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда аҳолиси 250 кишидан ортиқ барча қишлоқ юқори тезликдаги интернетга уланади

Қозоғистонда 250 нафардан зиёд киши истиқомат қилувчи барча қишлоқлар юқори тезликдаги интернет билан таъминланади. Бу ҳақда Инвестициялар ва тараққиёт вазири ўринбосари Сакен Сарсенов маълум қилди.

“Мамлакатимиз ҳудуди жуда улкан, бироқ аҳолиси зич эмас. Айниқса қишлоқ аҳоли пунктларида интернет тезлиги билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Айни пайтда ҳукумат 5-6 йил ичида 250 нафардан зиёд фуқаро яшайдиган қишлоқларни оптик толали алоқа билан таъминлаш лойиҳасини қабул қилди”, – деди вазир ўринбосари Ижтимоий таъминотда информацион-коммуникация технологиялар халқаро конференцияси чоғида. 

Унинг таъкидлашича, мамлакат аҳолисининг 70 фоиздан зиёди интернетга уланиш имконига эга. Қозоғистон электрон ҳукуматни жорий этишда 193 мамлакат ичида 28-ўринни эгаллайди. Республиканинг тармоқ тайёргарлиги бўйича дунё иқтисодий форумида эса 143 давлат ичида 38-бўлиб қайд этилган.