Samsung янги Gear S2 “ақлли” соатлар моделини тақдим қилди
Samsung Electronics компанияси ўзининг бозордаги мавқеини яхшилаш мақсадида Gear S2 “ақлли” соатлари моделини тақдим қилди.
“Samsung Gear S2 доира кўриниши, анъанавий интуитив фойдаланувчи интерфейси ва илғор кўрсаткичларга эга. Бу кўрсаткичлар фойдаланувчига мобиль қурилмадан фойдаланиш тажрибасини яхшилаш ва қувноқроқ бўлиш имконини беради”, дейилмоқда Samsung хабарида.
Samsung’нинг “ақлли” соатлари икки – спорт ва классик вариантда ишланган ва Tizen операцион тизимида ишлайди.
Samsung компанияси ҳозирча Gear S2 учун мобиль дастурларни тақдим қилмади, бироқ янги smartwatch моделидан мобиль тўловларни амалга ошириш, уй электрон жиҳозларини масофадан туриб бошқаришда фойдаланиш мумкинлигини айтди. Тақвимни текшириш ва электрон почта фуункцияларидан ташқари “ақлли” соатлар фойдаланувчига мантли хабарлар жўнатиш имконини беради.
Фойдаланувчилар, шунингдек, 3G технологиясини қўллаб-қувватловчи моделни танлашлари мумкин, унда сим-карта ишлатилади. Бу функция ҳозирча бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг “ақлли” соатларида мавжуд эмас. Apple Watch ҳам кўпчилик шундай қурилмалар каби қўнғироқларни қабул қилиш ёки амалга ошириш учун смартфонга ёки Wi-Fi тармоғига уланишни талаб қилади, деб ёзмоқда The Wall Street Journal нашри.
Samsung компанияси Gear S2 аккумулятори қувватни 2-3 кунга ушлаб туришини таъкидламоқда. Бу Apple Watch’дагидан кўпроқни ташкил қилади.
Apple’нинг “ақлли” соатлари 2015 йилнинг апрелида сотувга чиқарилган ва йилнинг 2-чорагида компания бундай қурилмалардан 3,6 млн дона сотган.
Маълумотларга кўра, Samsung апрель-июнь ойларида 600 мингга яқин тақиб юрилувчи қурилмалар сотган.
IDC берган прогнозларга кўра, 2019 йилга келиб “ақлли” қурилмалар глобал савдоси бу йилдаги 33 млн донага нисбатан 89 млн донагача етади.
Samsung компанияси Gear S2 ва Gear S2 classic соатларининг функцияларини 3 сентябрда Берлинда ўтадиган кўргазмада намойиш қилади. Шу ернинг ўзида ушбу соатлар учун дастурлар ҳам тақдим қилинади.