Шаҳрисабзда қўриқлаш қурилмалари ишлаб чиқарилмоқда
Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманидаги “MARS Electronics” масъулияти чекланган жамиятида янги русумдаги ёнғинга қарши ҳамда электрон қўриқлаш қурилмалари ишлаб чиқаришни ўзлаштириш бўйича ишлар давом этмоқда. Бу ҳақда telegraf.uz нашри хабар берган.
Ёнғинга қарши ҳамда электрон қўриқлаш қурилмалари илгари фақат хориждан импорт қилинар ҳамда корхона уларни рўйхатдан ўтказиш, монтаж қилиш ва ўрнатиш билан шуғулланарди. 2013-2016 йилларда Қашқадарё вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш Дастурига мувофиқ мазкур қурилмаларнинг асосий қисми “MARS Electronics”нинг ўзида ишлаб чиқарила бошланди. Фақат баъзи эҳтиёт қисмлар корхонанинг Россиядаги расмий ҳамкори - “Сократ” компаниясидан келтирилмоқда. Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳисобидан 25та янги иш ўрни яратилди.
"Мазкур мосламаларни замонавий ахборот узатиш технологияларига тўғридан-тўғри улаш мумкин. Шу билан бирга қурилмалар ёрдамида юзлаб километр масофадан туриб муайян объект ҳақида тўлиқ маълумот олиб туриш имкони мавжуд. Жуда юқори даражадаги сезиш қобилиятига эга бўлган бундай технологиялар ҳатто қўриқланаётган хонадон ёки муассасадаги намлик миқдори, ҳарорат, тутун ва бошқа белгилар ҳақида ҳам алоҳида ахборот бериб боради", дейди корхонанинг ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Абдураҳмон Абдулҳаев.
Айни пайтда корхонада мазкур қурилмаларни дастурлашни ҳам ўзлаштириш борасида қизғин иш олиб борилмоқда. Жорий йил охиригача лойиҳани тўлиқ амалга ошириб, кейинчалик назорат-касса машиналари ва таксометрлар ишлаб чиқаришни ҳам режалаштирмоқда. Айни пайтда корхонанинг Қашқадарё вилоятидаги 10та ҳудудида, Сурхондарёнинг Шеробод туманида ва Тошкент шаҳрида филиаллари мавжуд бўлиб, йилнинг ўтган даври мобайнида улар томонидан корхона ва ташкилотларга, аҳолига 4 миллиард 300 миллион сўмликдан ортиқ маҳсулот етказиб берилди ва хизматлар кўрсатилди.
Қайд этиш керакки, “MARS Electronics” ҳозирча Ўзбекистонда ёнғинга қарши ҳамда электрон қўриқлаш қурилмалари ишлаб чиқараётган ягона корхона ҳисобланади.