Туркия қурилиш компаниясининг 18 нафар ходими Бағдод шаҳрида изсиз ғойиб бўлди
Туркияликларга тегишли Nurol қурилиш компанияси Ироқда ўзининг 18 нафар ходими йўқолиб қолгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. Бу ҳақда NTV телеканали хабар берган.
Хабарда айтилишича, Ироқ пойтахти Бағдод шаҳрида спорт мажмуаси қурилиши бўйича ишлаётган компаниянинг йўқолиб қолган ходимларининг барчаси Туркия фуқаролари ҳисобланади.
Бундан олдинроқ, Рейтер агентлиги Ироқ ИИВга асосланган ҳолда камида 16 нафар туркиялик қурувчи қидирилаётгани ҳақида хабар берганди. Маълум қилинишича, ниқоб таққан ва ҳарбий кийим кийган номаълум шахслар уларни ўғирлаб кетган.
Ассошейтед Пресс нашрининг хабарига кўра бу ишчилар Бағдоднинг шиалар истиқомат қиладиган Садр туманида ишлаётган эди.
Туркия ТИВ бу фуқароларининг тақдири бўйича Ироқ билан доимий алоқада бўлиб тургани айтилган.
Эслатиб ўтамиз, 2014 йилнинг июнида ҳам "ИШИД" жангарилари Ироқ шимолидаги Мосул шаҳрида Туркия ваколатхонасининг 49 ходимини ўғирлаб кетганди. Ходимлар 2014 йилнинг сентябрида озод қилинганди.