Хитойда қатл этилган япон бош вазири боши кўринишида музқаймоқ ишлаб чиқарилди
Шанхайда 1948 йил декабрида қатл этилган Япониянинг собиқ бош вазири Хидэки Тодзенинг боши кўринишидаги музқаймоқ сотувга чиқарилди. Бу ҳақда Time нашри маълум қилди.
Ширинликда сиёсатчи тақиб юрган кўзойнак ва мўйловларни кўриш мумкин. Сотувга шундай музқаймоқдан 10 минг дона чиқарилади. Битта музқаймоқ 30 юан (4,7 доллар) туради. Ижтимоий тармоқда янги музқаймоқ борасида турли қарама-қарши фикрлар билдирилди, деб таъкидламоқда China Daily. Баъзи фойдаланувчилар Тодзе боши кўринишидаги музқаймоқни маъносиз ва зерикарли деб атаганлар.
Музқаймоқлар Хитойда Иккинчи жаҳон уруши якунланганининг 70 йиллиги нишонланиши пайтида сотувга чиқарилади. Хитойликлар Гитлерга қарши коалиция таркибида нацистлар блокига кирган Япон империясига қарши курашганлар.
Музқаймоқда тасвирланган Тодзе 1941-44 йиллар давомида Япония бош вазири бўлган. У Гавайи оролларидаги Перл-Харбор бандаргоҳидаги АҚШ денгиз базасига ҳужум режаси муаллифларидан бири ҳисобланади. Япония 1945 йил 2 сентябрда таслим бўлиш ҳақидаги ҳужжатни имзолагандан кейин Тодзе ҳарбий жиноятчи сифатида ҳибсга олинган ва 1948 йил декабрида қатл этилган.