Австралиянинг энг пахмоқ қўйи рекорд ўрнатди
Австралиядаги энг пахмоқ қўйнинг юнглари илк бор қирқиб олинди, дея хабар берди The Daily Mail. Газетанинг қайд этишича, жонивордан қарийб 40,5 килограммлик юнг қирқиб олинган.
Жониворларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлишга қарши курашиш Қироллик жамияти (RSPCA) матбуот котибининг маълум қилишича, Крис лақабли канберра қўйи “ўзини аъло даражада ҳис этмоқда”.
RSPCA`нинг маълумот беришича, Крис бир қанча муддат назорат остида бўлади. Қироллик жамияти яқин орада жониворга янги бошпана топилишига умид билдирмоқда.
Тахминларга кўра, Крис отардан ажралиб қолиб, икки йил давомида ўз ҳолича яшаган.
Қўй юнгини ўз соҳасида тўрт карра Австралия чемпиони бўлган Йен Элкинс олган. Крисдан жами бўлиб 40,45 кг юнг чиққан. Бу борадаги рекорд натижага “ҳукуматдан беш йил яшириниб юрган” янги зелландиялик Шрек 27 кглик натижа билан эришган эди.