БМТ: 13 миллион бола уруш туфайли мактабга бора олмаяпти
Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада яшовчи 13 миллион нафардан зиёд бола қуролли можаролар сабабли мактабларига бора олмаяпти. Бу каби рақамлар чоршанба, 2 сентябрь куни БМТнинг болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) томонидан эълон қилинган ҳисоботда келтириб ўтилди, дея хабар тарқатди ТАСС.
Бор-йўғи бир неча йиллар муқаддам минтақа умумий таълимни таъминлаш бўйича муҳим вазифага жуда яқин келиб қолган эди. Бугун эса ҳалокатли вазият билан тўқнашиб турибди, дея қайд этишди ҳужжат муаллифлари.
Мазкур мамлакатларда таълим масканларига тез-тез уюштирилаётган босқинларнинг аксарияти қасддан содир этилмоқда. Сурия, Ироқ, Яман ва Ливиядаги 8850дан зиёд мактаблар шикастланган, тўлиқ бузилган ёки қочқин оилалар учун бошпаналарга айлантирилгани боис ўқувчиларни ўз бағрига қабул қила олмайди. Шунингдек, мактабларнинг ҳарбий амалиётлар объектига айланиб қолгани тўғрисида ҳам маълумотлар мавжуд.
Ўз навбатида, мактаб ўқитувчилари ҳам ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида оловли нуқталарни ташлаб кетишга мажбур бўлмоқда. Ота-оналар ҳам фарзандларининг хавфсизлигини ўйлаб, уларни мактабларга қўйиб юборишдан чўчишмоқда. Айни пайтда Иордания, Ливан ва Туркияда 700 минг нафардан зиёд суриялик қочқинларнинг болалари маҳаллий мактаблар тўлиб кетгани сабабидангина билим олиш имконидан маҳрум.
Вазиятни ўнглаш мақсадида турли жамғармалар экспертлари болаларни ўз-ўзини ўқитиш, масофавий таълим ва бошқа ноформал билим олиш усулларига жалб этиш борасида фаол иш олиб бормоқда. Шунингдек, ЮНИСЕФ одамлар, ташкилотлар ва мамлакатларни можаролар гирдобида қолган давлатлар таълим тизими учун кўпроқ моддий кўмак кўрсатишга чақирмоқда.