Далласда оғир атлетика бўйича фахрийлар ўртасидаги жаҳон кубогида Ўзбекистон вакили ғалаба қозонди
6-16 август кунлари АҚШнинг Даллас шаҳрида оғир атлетика бўйича фахрийлар ўртасидаги жаҳон кубоги бўлиб ўтди. Унда ўзбекистонлик Вячеслав Брюхов бош совринни қўлга киритди.
Оғир атлетика федерацияси матбуот хизматининг ёзишича, 46 ёшли Борюхов 45-49 ёшгача бўлган фахрийлар ўртасида 94 кг. вазнда жаҳон кубогида зафар қучган. Бир йил муқаддам ангренлик мураббий Даниянинг Копенгаген шаҳрида жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритганди.
Брюхов мазкур мусобақада даст кўтариш баҳсларида 125 кг, силтаб кўтариш мусобақаларида иккинчи уринишдаёқ 153 кг.ни тошни кўтариб муддатидан олдин бош совринни қўлга киритди. Иккинчи ўринни эгаллаган мезбон спортчи Уилфрид Эрнандес даст кўтаришда 125 кг, силтаб кўтаришда эса охирги уринишда 150 кг. Тошни кўтарганди.
Жорий йилнинг 12-19 сентябрь кунлари Финляндиянинг Рованиеми шаҳрида фахрийлар ўртасида жаҳон чемпионати баҳслари ўтказилади. Ушбу турнирда Борюхов ўз унвонини ҳимоя қилиш учун курашса, жаҳон чемпионати совриндорлари Воҳиддин Нажмиддинов ва Абдулла Раҳматовлар ҳам Ўзбекистон шарафини мазкур мусобақада ҳимоя қилишади.