Франция "Мистраль" кемаси учун Россияга тўлаган товон пулининг аниқ миқдорини маълум қилди
Икки дона "Мистраль" вертолёт ташиш кемасини етказиб бериш тўғрисида имзоланган шартномани бекор қилгани учун Франция Россияга тўлаши лозим бўлган товон пулининг аниқ миқдори маълум қилинди: 949,754 млн евро.
"Россия 24" телеканалининг хабар беришича, мазкур рақамлар Француз миллий йиғинига тақдим этилган Париж-Москва ўртасида тузилган шартномани бузиш тўғрисидаги битим матнида келтириб ўтилган.
"Француз томони Россия Федерациясига десант кемаларини қуриш тўғрисида 2011 йил 25 январда имзоланган шартномадаги вазифалар бажарилмагани учун товон сифатида тўланадиган маблағ 949 754 859 еврони ташкил этади", – дейилади Француз мудофаа ва миллий хавфсизлик кенгаши бош котиби Луи Готье ҳамда Россия бош вазири ўринбосари Дмитрий Розогин томонидан имзоланган шартнома матнида.
Шартномани бекор қилиш тўғрисидаги битим 2015 йил 5 августда имзоланган бўлиб, унда Франция кемаларни бошқа харидорларга сотиш ҳуқуқига Россия томонига товон пули ва Москва буюртмаси асосида аввалроқ “Мистрал”ларга ўрнатилган Россия қурилмалари тўлиқ қайтарилгунга қадар эга бўлмаслиги белгилаб қўйилган эди.