Оқ уй: Хитой ҳарбий кемаларининг Аляска қирғоқлари яқинлашуви АҚШга таҳдид туғдирмайди
АҚШ ҳукумати Аляска қирғоқлари яқинидаги Хитой ҳарбий кемалари мавжудлиги тўғрисида огоҳлантирилди, Пентагон улар томонидан ҳеч қандай таҳдид уйғотувчи ҳаракатлар қайд этилмаганини маълум қилди. Бу ҳақда Оқ уй вакили Reuters агентлигига чоршанба, 2 сентябрда маълум қилди.
Тарихда илк маротаба Хитой ҳарбий кемалари айни пайтда АҚШ президенти Барак Обама ташриф буюрган Аляска қирғоқлари яқинида пайдо бўлди. Хитой ҳарбий флотининг беш кемаси Беринг денгизи Алеут ороллари ҳудудидаги дахлсиз майдонга кириб келди, дея Пентагон вакили сўзларига асосланган ҳолда The Wall Street Journal хабар берди.
Хитой ҳарбий кемалари бу ҳудудга Россия ҳарбий флоти билан ҳамкорликда ўтказган ўқув машғулотларидан сўнг кириб келган. Пентагон вакилининг маълум қилишича, Америка томони Хитой кемалари ҳаракатини кузатиб бормоқда ва улар томонидан ҳеч қандай таҳдид кузатилгани йўқ.
“Хитой кемаларининг АҚШ қирғоқларига бу қадар яқин келиши хитой ҳарбийлари ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилиш учун амалиётлар ўтказиш соҳаларини тезкорлик билан кенгайтираётганига аниқ мисоллардан биридир”, – дейилади мақолада.