Денис Черишев Россия чемпионатида тўп суришни истамаслигини маълум қилди
Мадриднинг «Реал» ва Россия терма жамоаси яримҳимоячиси Денис Черишев Россия чемпионатида тўп суришни истамаслигини маълум қилди. Бу ҳақда «Спорт-Экспресс» нашри хабар тарқатди.
«Россиядан бўлаётган қизиқиш? Ҳа, доим клублар менга қизиқиш билдиришади. Аммо бу йил ёзда деярли ҳеч қандай таклиф бўлмади. Мени ўзим ҳам Россия жамоаларига ўтишни истамайман. Европада тўп суришни хоҳлайман», — дея гапириб ўтди Черишев.
Черишев «Реал»нинг Испания чемпионати доирасидаги сўнгги икки учрашуви қайдномасига киритилмади. Бироқ клубнинг Европа чемпионлар лигаси учун берган заявкасидан россиялик футболчи ўрин олган.
Мавсумлар оралиғида Черишев «Реал»ни тарк этиши мумкин эди, бироқ жамоа бош мураббийи Рафаэль Бенитес унинг сотиб юборилишига қаршилик кўрсатди. Футболчига Испаниянинг «Валенсия», шунингдек Англиянинг «Арсенал» ва «Ливерпуль» жамоалари қизиқиш билдиришганди.
Черишев «Реал» тизимида 12 йилдан буён тўп суриб келади. Шу давр мобайнида у мадридликлар сафида фақат бир марта расмий учрашув – Испания кубоги доирасида майдонга чиққан. Россия терма жамоаси сафида 7та учрашув ўтказган.