Жаҳон | 20:58 / 04.09.2015
6198
1 дақиқада ўқилади

Душанбедаги ИИВ бўлимига ҳужумни мудофаа вазирлигининг мобилизация бошқармаси собиқ раҳбари бошқаргани маълум бўлди

Душанбедаги ички ишлар вазирлиги бўлимига уюштирилган ҳужумни Тожикистон мудофаа вазирлиги мобилизация бошқармасининг собиқ раҳбари Жунайдулло Умаров бошқаргани маълум бўлди. Бу ҳақда Тожикистон миллий хавфсизлик давлат қўмитасидаги юқори лавозимдаги манбага иқтибос келтирган ҳолда РИА “Новости” ахборот агентлиги маълум қилди.

“Пойтахтдаги аэропорт яқинида милиция постига уюштирилган ҳужум Мудофаа вазирлиги полковниги Жунайдулло Умаров бошчилигидаги бандгуруҳ томонидан амалга оширилган”, деб маълум қилди манба.

Умаров куни-кеча мудофаа вазирлиги мобилизацион бошқармаси бошлиғи лавозимини тарк этган эди.

Бундан аввал Душанбе аэропорти яқинида ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари ва жиноятчилар ўртасида отишма юз бергани маълум қилинганди. Тўқнашув оқибатида ОМОНнинг икки нафар жангчиси ва ДАН нозири ҳалок бўлган, яна бир нозир оғир жароҳатлар олган.