Грецияга йил бошидан бери 230 мингдан кўпроқ муҳожир келди
Грецияга келаётган муҳожирлар оқими охирги икки ой ичида кескин ошиб кетди – жорий йилда бу мамлакатга келган муҳожирлар ва қочқинлар сони 230 мингдан ошиб кетди, деб маълум қилди Грециянинг флот ишлари бўйича вазири Христос Зоис 3 сентябрда бўлган матбуот-анжуманда.
Флот вазирлиги таркибига Греция соҳилбўйи қўриқлаш хизмати ҳам киради. 230 минг муҳожирдан 52 минг нафари июль ойида келди, деб айтган Грециянинг фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ишлари бўйича вазири Антонис Макридимитрис.
Унинг айтишича, мамлакатга муҳожирлар оқими бешта орол – Лесбос орқали муҳожирларнинг ярми, Хиос орқали 14 фоизи, Самос орқали 12 фоизи, Кос орқали 28 фоизи ва Лерос орқали муҳожирларнинг кичик қисми келмоқда.
“Биз бундай оқимга тайёр эмасдик”, деб тан олган Макридимитрис. Унинг айтишича, Греция муҳожирларнинг болаларини сут билан таъминлаш учун етказиб берувчилардан 9 млн евро қарз бўлиб қолган.
Шунингдек, муҳожирлар оқими оролларнинг иқтисодиётига кескин зарба берди –сайёҳлик даражаси кескин пасайиб кетди, деб маълум қилган мамлакатнинг иқтисодиёт, инфраструктура, флот ва сайёҳлик вазири Никос Христодулакис. Унинг айтишича, сайёҳлар оқими 50 фоизга, баъзи жойларда эса 70 фоизга камайиб кетган. Христодулакис бу ҳолат сайёҳлик тармоғида жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.