Фан-техника | 11:11 / 04.09.2015
3055
2 дақиқада ўқилади

IFA 2015: ичида мини-принтер ўрнатилган Polaroid Snap фотокамераси

Polaroid компанияси Берлинда ўтаётган IFA 2015 кўргазмасида Snap деб номланган янги қурилмасини намойиш қилди.

Snap – бу ихчам фотокамера ва кичик ўлчамдаги принтернинг гибридидир. Принтерда ZINK Zero Ink Printing технологияси қўлланилган. Бу принтерда бир неча қатлам махсус кристаллик модда сақловчи қоғоздан фойдаланилади. Бу моддалар қизиганда аморф ҳолатга ўтади ва қоғозда тасвир пайдо бўлади.
Қурилма 50 × 75 мм ўлчамдаги суратларни олиш имконини беради. Битта суратни чоп этиш учун тахминан 1 дақиқа вақт талаб қилинади.

100 та қоғоздан иборат бундай қоғознинг бир пачкаси 25 доллар туради.
Фотокамера 10 Мп ли сенсор ва фиксирланган фокус узоқлигига эга f/2,8 объективи билан жиҳозланган. Ички ўрнатилган дисплейи йўқ, бироқ корпуснинг тепа қисмида кўриниш излагич кўзда тутилган. Бундан ташқари, қурилмада microSDHC флеш-хотираси слоти мавжуд.

Polaroid Snap бир неча хил режимда, жумладан оқ-қора режимда ишлайди. 10 сониялик таймер автопортретлар ёки гуруҳ бўлиб тушадиган суратларни олишда ёрдам беради.
Янги қурилма 2015 йилнинг 4-чорагида 100 доллардан сотувга чиқарилади. Қурилмалар оқ, қора, қизил ва кўк рангдаги корпуслар билан таклиф қилинади.