Жокович US Open’да мухлиси билан рақсга тушди
Жаҳоннинг 1-рақамли теннисчиси сербиялик Новак Жокович АҚШ Очиқ чемпионатининг 2-давра учрашувидан кейин ўз мухлисининг у билан бирга рақсга тушиш таклифига бажонидил розилик билдирди. Бу ҳақда SB Nation нашри ёзмоқда.
Жокович австриялик теннисчи Андреас Хайдер-Маурер устидан ғалаба қозонгандан кейин Arthur Ashe Stadium кортида интервью бераётган пайтда кортга унинг мухлиси югуриб чиқиб, қўлидаги футболкани Жоковичга тутқазди ва уни ўзи билан рақс тушишга чорлади. Спортчи ҳам ўзини йўқотиб қўймасдан, томошабинларнинг қарсаклари остида унга монанд рақсга туша кетди.
Сўнгра мухлис Жоковичга ўзи олиб чиққан “I love NY” (“Мен Нью-Йоркни севаман”) деган ёзуви бўлган футболкани кийгазиб қўйди.
Жокович австриялик теннисчини 6:4, 6:1, 6:2 ҳисобида мағлуб этди. Жоковичнинг кейинги рақиби мусобақада 25-рақамли теннисчи сифатида иштирок этаётган италиялик Андреас Сеппи бўлади.
Жокович 2011 йилги US Open мусобақасининг ғолиби ҳисобланади. 28 ёшли серб ҳисобида ҳаммаси бўлиб “Катта дубулға” сериясида 12 та ғалаба бор.
US Open теннис мусобақаси Нью-Йоркдаги Миллий теннис марказий кортларида ўтказилади. Мусобақа икки ҳафта давом этади.