Жаҳон | 17:11 / 04.09.2015
2755
1 дақиқада ўқилади
Камерун шимолида содир этилган портлашлар қурбонлари сони 42 нафарга етди
Камерун шимолида икки бор содир этилган портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони 42 нафарга етди, 100га яқин киши жароҳат олди, дея хабар берди Синхуа ахборот агентлиги.
Ҳодиса Нигерия билан чегарадош Керава шаҳрида жума тонгида содир бўлди. Маълумотларга кўра, биринчи портлаш маҳаллий вақт билан 11:00 (Тошкент вақти билан 15:00)да содир бўлган. Орадан бир оз вақт ўтиб ҳарбий лагер яқинида яна бир портлаш содир этилди. Портловчи қурилмалар террорчи-ҳудкушлар томонидан ҳаракатга келтирилган.
“Қурбонлар сони жуда кўп, айни пайтгача биз 42 кишини санадик”, – дея хабар қилган ахборот манбаси.
Бу Камерунда сўнгги уч ойдаги еттинчи ҳодисадир.
Айни пайтда бирорта ҳам террористик гуруҳ портлаш бўйича жавобгарликни ўз зиммасига олгани йўқ.