Ўзбекистон ИИВ: Тошкентда юз берган “портлаш” ўқув мағшулотларининг бир қисми бўлган
4 сентябрь Тошкентнинг Чорсу бозори яқинида тушлик пайтида содир бўлган “портлаш” Тошкент ички ишлар вазирлиги бош бошқармаси бўлинмаларининг ўқув машғулоти сценарийсининг бир қисми бўлган, деб Ўзбекистон ИИВ матбуот хизматига иқтибос келтирган ҳолда хабар бермоқда РИА "Новости" ахборот агентлиги.
“Соат 13:32да Тошкентдаги масжидларнинг бирининг ёнида жойлашган автобуслар бекатида шартли террорчи қўлбола портловчи қурилмани ҳаракатга келтирди. Шундан кейин “тревога” буйруғи билан шаҳар милицияси кучлари ва воситалари оёққа турғазилди ва ички йўриқномаларда талаб қилинганидек портлаш юз берган ҳудуд ўраб олинди”, деб айтилмоқда матбуот хизматида.
Ўқув машғулотлари сценарийси бўйича бир вақтнинг ўзида “жиноятчини” қидириш бўйича тезкор-қидирув тадбирлари ташкил этилди ва 15 дақиқадан кейин қўшни ҳудудда бу “жиноятчи” қўлга олинди.
“Ўқув машғулотлари сценарийси максимал даражада реал вазиятга яқинлаштирилди. Унинг муҳим ташкил этувчиси Тошкентнинг бошқа тезкор жавоб бериш хизматлари – ўт ўчирувчилар, ФВВ, тиббий ёрдам хизматининг ҳушёрлиги ва тезкорлигини текшириш бўлди”, деб изоҳ бермоқда Ўзбекистон ИИВ вакили. Унинг таъкидлашича, машғулотнинг биринчи босқичида бу хизматлар машғулотлар ўтказилиши ҳақида олдиндан хабардор этилмаганлар.