Спорт | 18:30 / 04.09.2015
4340
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик уч нафар боксчи Осиё чемпионати финалига чиқди

Таиланд пойтахти Бангкокда бокс бўйича Осиё чемпионатида уч нафар ўзбекистонлик боксчи финал йўлланмасини қўлга киритди. Бу ҳақда Миллий олимпия Қўмитаси матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.

Манбанинг ёзишича, вазни 52 кг.гача бўлган чарм қўлқоп усталари иштирокидаги мусобақаларда рингга чиққан Шаҳобиддин Зоиров хитойлик Чжиянгуан Ху устидан 3:0 ҳисобида зафар қучиб, финалга чиққан. Ҳал қилувчи жангда Зоиров қозоғистонлик Олжас Саттибаевга қаршги рингга кўтарилади.

81 кг.гача вазн тоифасида Элшод Расулов ҳам ярим финал баҳсида кореялик Ким Хёнг Кю устидан зафар қучиб, эртага ўтказиладиган финал жангида қозоғистонлик Адилбек Ниязимбетов билан куч синашадиган бўлди.

Энг енгил (-49 кг) вазнда рингга кўтарилган Хасанбой Дўсматов АИБА байроғи остида иштирок этаётган ҳиндистонлик Девендро Синҳ Лаишрам устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва 5 сентябрь кунига белгиланган ҳал қилувчи финал жангида Роген Ладон (Филиппин)га қарши рингга кўтариладиган бўлди.

Оғирлик вазни 60 кг.гача бўлган чарм қўлқоп усталари ўртасидаги мусобақаларда ярим финалга қадар мағлубиятсиз келган Элнур Абдураимов ушбу босқичда мўғилистонлик боксчи қаршилигини енга олмади. Шунга қарамай Элнур Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига Осиё чемпионатининг бронза медалини келтирди.

Эслатиб ўтамиз, бугун, шунингдек, Муроджон Аҳмадалиев (-56 кг), Фазлиддин Ғоипназаров (-64 кг), Бектемир Мелиқўзиев (-75 кг) ҳамда Рустам Тўлаганов (-91 кг) ярим финал жангларида рингга кўтариладилар.