Жаҳон | 15:47 / 04.09.2015
3312
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда суд қарори билан “Коммунистлар партияси” фаолияти тугатилди

Олма-ота шаҳри ихтисослаштирилган туманлараро иқтисодий суди қарори билан “Қозоғистон Коммунистлар партияси” жамоат бирлашмаси фаолияти тўхтатилди. Бу ҳақда журналистларга суд матбуот хизмати раҳбари Қувондиф Ешиметга асосланиб, Интерфакс-Казахстан маълум қилган.

“Қозоғистон адлия вазирлиги судга Қозоғистон Коммунистлар партияси фаолиятини текшириш натижасида ўрнатилган қонун талабларини бузганлик ҳолатини аниқлагани сабабли ушбу партия фаолиятини тугатишни сўраб мурожаат қилди. Суд мазкур мурожаатни қаноатлантирди”, - деб маълум қилган матбуот хизмати раҳбари.

2015 йилнинг 3 сентябридан бошлаб ушбу суд қарори кучга кирган.

Маълумот учун, Коммунистлар партияси 1998 йилнинг 27 августида рўйхатдан ўтказилган бўлиб, кейинчалик 2003 йилнинг 20 мартида қайта рўйхатдан ўтган. Партиянинг аъзолари сони 54 минг 246 нафарни ташкил этиб, партия Марказий қўмитаси биринчи котиби Серикболсин Абдильдин саналар эди. 1999 йилги парламент сайловлари натижасида коммунистлардан 2 нафар номзод қонунчилик палатасига депутат сифатида сайланган эди.

2004 йилда партия иккига ажралиб, ундан Газиз Алдамжаров бошчилигидаги Қозоғистон халқ коммунистик партияси ажралиб чиққан эди

Шу тариқа, айни вақтда, Қозоғистондаги сиёсий партиялар сони 8та бўлиб қолди. Улардан учтаси «Нур Отан», КНПК (Қозоғистон халқ коммунистик партияси) ва «Ак жол» – мамлакат парламентида ўз вакилларига эга ҳисобланади.