Туркия бош вазири мамлакат қочқинларни қабул қилишда давом этишини маълум қилди
Туркия унинг ҳудудига келаётган барча қочқинларни қабул қилишда давом этади. Бу ҳақда Туркия бош вазири Аҳмет Довудўғлу маълум қилди.
“Туркия сурияликлар, ироқликлар, араблар, курдлар, суннийлар, шиалар, мусулмон ва насронийларга эшигини қандай очиқ тутган бўлса, бу ёғига ҳам шундай очиқ тутади. БМТ энг кўп миқдорда қочқинлар келган давлатимизнинг саъй-ҳаракатларини тан олди. Биз Сурия ва Ироқда босим остида қолиб тинчлик излаган 2 млн дан кўпроқ одамга бошпана бердик”, деб айтди бош вазир.
Туркия соҳилбўйида 12 муҳожирнинг ўлимига изоҳ бера туриб, Довудўғлу Европа Иттифоқи давлатларини муҳожирларга ёрдам бериш борасида виждонан йўл тутишга чақирди.
“Европа етакчиларига ҳақиқатни кўриш вақти келди. Бу ҳақиқат шундаки, бу масала ҳуқуқий, сиёсий, халқаро мувозанат масаласи бўлишдан ташқарига чиқиб кетди. Бу масала инсоният виждони ва келажаги масаласи даражасига чиқди. Агар тарих бу юкни фақат бизнинг гарданимизга юкласа, биз уни кўтарамиз. Бироқ бу бошқа давлатлар, биринчи навбатда Европа уларнинг қўлларидан келган нарсани қилмаганликлари ҳолатини ҳеч қанақасига ўзгартирмайди”, деб ўз сўзини якунлади Туркия бош вазири.