Иқтисодиёт | 07:05 / 05.09.2015
3276
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ҳукумати АИ 92/93 бензинлари учун чакана нархларнинг давлат томонидан тартибга солинишидан воз кечди

Қозоғистон ҳукумати АИ 92/93 бензинлари учун чакана нархларнинг давлат томонидан тартибга солинишидан воз кечди, деб маълум қилди Қозоғистон бош вазири ўринбосари Бокитжон Соғинтоев. Бу ҳақда “Новости-Казахстан” ахборот агентлиги маълум қилди.

“Ҳукумати томонидан АИ 92/93 маркасидаги бензиннинг ички бозорда тақчиллигининг юзага келмаслиги мақсадида унинг нархини давлат томонидан тартибга солишдан воз кечиш ҳақида қарор қабул қилинди”, деб айтди Соғинтоев 4 сентябрдаги матбуот-анжуманида.

“Биз ишлаб чиқараётган бензин ҳажми ички эҳтиёжларни тўла қоплашга етмайди, шунинг учун биз асосан Россиядан бензин олиб кирамиз. Биз тенге нархининг эркин курсига ўтганимиз боис рубль ва тенгенинг нисбати кескин ўзгарди... Агар биз шундай давом этаверсак, унда тез орада мамлакатда бу бензиннинг катта тақчиллигига дуч келамиз. Бизда етарлича захира бор, бироқ агар Россиядан кирим бўлмаса, унда бу захира тезда совурилиб кетади”, деб қўшимча қилмоқда Соғинтоев.

Шу билан бирга ҳукумат бензин нархи қанчага ошиши ҳақида аниқ прогнозлар бермади.
“Бензин қандай нархгача кўтарилишига ҳеч ким жавоб бера олмайди. Балки 140, балки 150 тенгегача кўтарилар, ёки 142, 143 тенге атрофида бўлиши мумкин. Бошида қандайдир сакраш бўлади, лекин вазият барқарорлашгандан кейин ҳаммаси изига тушиб кетади, деб кутмоқдамиз. Ҳукумат албатта бунда суиистеъмол қилишга, кимгадир керагидан ортиқча пул ишлаб олишга йўл қўймайди”, деб айтмоқда Қозоғистон энергетика вазири Владимир Школьник.

Школьник мамлакатдаги нефть маҳсулотлари бозорида АИ92 бензинидан ташқари, вазият етарлича барқарор эканлигини таъкидлаб ўтди.

2015 йилнинг майида Қозоғистон энергетика вазирлиги ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда бензин маркалари учун қуйидаги нархларни белгилаб қўйган эди: дизел ёқилғиси — бир литр учун 99 тенге; АИ-80 — бир литр учун 89 тенге ва АИ-92/93 – бир литр учун 108 тенге.

Экспертлар бундай қадамнинг оқибатларини баҳолашга тушиб кетдилар. Иқтисодий шарҳловчи Денис Кривошеевнинг прогнозларига кўра, яқин орада Қозоғистонда АИ-92/93 бензинига нархлар ошиб кетади. Унинг фикрича, бу маркадаги бензин нархи 148 тенгеча кўтарилиб кетиши мумкин.