Камиль Фаткуллин: Жаҳон чемпионатига тайёрмиз
Юнон-Рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси катта мураббийи Камиль Фаткуллин Лас-Вегасда ўтадиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик жараёни қандай кечгани ҳақида гапирди.
“Жаҳон чемпионатида кучли бешликка кириш учун чинакам кураш кетади. Кейинги йилга яна 3та лицензияли турнир режалаштирилганига қарамай, барча жамоалар вазифани ҳозирнинг ўзида бажаришни истайди. Биз бундай рақобатга тайёрмиз, таркибимизда Олимпия ўйинларида иштирок этган тажрибали спортчилар бор. Яхши тайёргарлик кўриш учун бизда барча шароитлар бор эди. Биз узоқ вақт Қозоғистонда бўлдик, у ерда машғулот йиғини ва унинг доирасида халқаро турнир ўтказилди. Болалар яхши кайфиятда, улар ўзларини кўрсатмоқчи”, - унинг сўзларини келтиради Ўзбекистон спорт кураши уюшмаси матбуот хизмати.