Жаҳон | 06:44 / 06.09.2015
3277
1 дақиқада ўқилади

Латвия президенти ўз мамлакатининг чегаралари АҚШ ёрдамида мустаҳкамланишини айтмоқда

Латвия ўз чегараларини мустаҳкамлашда АҚШнинг ёрдамидан фойдаланмоқчи. Бу ҳақда 5 сентябрда Латвия президенти Раймондс Вейонис маълум қилди.

“Ички ишлар вазирлиги билан бирга АҚШ инвестициялари ва технологиялари ёрдамида чегарани мустаҳкамлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда” деб айтди Вейонис LETA ахборот агентлигига берган интервьюсида.

“АҚШ нафақат НАТО бўйича, балки бир қатор соҳаларда стратегик ҳамкоримиз ҳисобланади. Улар мунтазам равишда Болтиқ бўйи давлатлари ва бутун Европа бўйлаб хавфсизликни мустаҳкамлашга маблағлар сарфлайдилар”, деб айтмоқда Вейонис.

Аввалроқ Латвия ички ишлар вазири Рихардс Козловскис яқин 3-4 йил ичида йил бошидан бери 200 дан ортиқ ноқонуний муҳожир кесиб ўтган Латвия ва Россия ўртасидаги чегара қисмининг мустаҳкамланишини айтган эди. Хусусан, 12 метрлик чегараолди ҳудуди яратилади. Бундан ташқари, чегаранинг баъзи қисмларида симли тўсиқлар ўрнатилади. Бу мақсадлар учун 17 млн евро сарфланиши мумкинлиги айтилмоқда.