Жаҳон | 06:02 / 06.09.2015
3547
2 дақиқада ўқилади

Порошенко Россиянинг БМТ Хавфсизлик кенгашида тақиқлов қўйиш ҳуқуқидан маҳрум этилишини истамоқда

Россия ўзи иштирок этаётган можаролар бўйича қарорлар қабул қилинаётганда БМТ Хавфсизлик кенгашида тақиқлов қўйиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши керак, деб айтмоқда Украина президенти Пётр Порошенко интервьюлардан бирида.  

“Бизда бошқа вариантлар йўқ. Агар сиз Хавфсизлик кенгаши томонидан тўсиб қўйиладиган қарор қабул қилсангиз, унда дунёда тинчликни сақлаш учун альтернатив вариант бўлиши керак. Бу биз учун жуда муҳимдир”, деб айтди Порошенко.

Украина президенти Донбассда Boeing самолётининг қулаши бўйича халқаро трибунал сентябрь охирида БМТ Бош ассамлеясида яратилишига умид билдиришини айтиб ўтди. “Мен умид қиламан. Бутун дунё бўйлаб 290 нафар қурбонга нисбатан адолатсизлик бўлган бўларди... бу террорчилик ҳужуми бўлган. Ва Нидерландия, Испания, Бельгия, Малайзия – бутун дунё вакиллари билан бирга бу фалокатли террорчилик ҳужумига жавобгарликни талаб қиламиз. Бутун дунё ким жавобгар эканини билишга ҳақли”, деб таъкидлаб ўтди Порошенко.

Аввалроқ Украина ташқи ишлар вазири Павел Климкин Россия вақти келиб БМТ Хавфсизлик кенгашида тақиқлов қўйиш ҳуқуқидан маҳрум этилишини айтган эди.
Россия БМТ Хавфсизлик кенгашида Донбассда фалокатга учраган Малайзиянинг Boeing самолётини тергов қилиш бўйича халқаро трибунал яратиш ҳақидаги лойиҳа резолюциясига тақиқлов қўйди.