Қиролича Елизавета II Британиянинг бутун тарихи давомидаги энг машҳур монарх деб тан олинди
Буюк Британия аҳолиси қиролича Елизавета II ни Британиянинг бутун тарихи давомидаги энг яхши монарх деб топди. Бундан The Sunday Times нашри учун YouGov томонидан ўтказилган сўровнома натижалари дарак бермоқда.
Қироличага респондентларнинг 27 фоизи овоз берди. Бу кўрсаткич машҳурлик борасида ундан кейин келаётган икки монарх тўплаган умумий овоздан кўпроқни ташкил қилди: 1533 йилдан 1603 йилгача ҳукмронлик қилган қиролича Елизавета I га сўралганларнинг 13 фоизи ўз овозини берди. ХХ асрнинг бошида ўз ҳукмронлигини якунлаган қиролича Викторияга эса 12 фоиз респондентлар овоз берди.
Бундан ташқари, Елизавета II 9 сентябрда Буюк Британия тахтида энг узоқ ўтирган монарх бўлиши мумкин. Ҳозирча бу борада қиролича Виктория етакчилик қилмоқда, у 63 йил 216 кун давомида Британиянинг бош монархи бўлган.
Қиролича Елизавета II тахтга 1952 йил 6 февралда 25 ёшида ўз отаси қирол Георг VI ўлимидан кейин ўтирган. Қиролича 1926 йил 21 апрелда Лондонда дунёга келган. Чарльз, Анна, Эдвард, Эндрю исмли 4 нафар фарзанди бор.