Шэннон Бриггс, рақибини енггач, Кличко билан жангни талаб қилди
Бокс бўйича супероғир вазнда собиқ жаҳон чемпиони Шэннон Бриггс америкалик рақиби Майкл Марронени нокаутга учратди. Флоридада ўтган жанг Бриггс фойдасига 2-раундда якунланди. Бу ҳақда Boxingscene хабар бермоқда.
Жанг тугагач, 43 ёшли боксчи украиналик Владимир Кличкога мурожаат қилиб, уни рингда учрашишга даъват этди.
Бриггс ўтган йил баҳоридан буён Кличкони жангга кўндиришга ҳаракат қилмоқда. Аммо 38 ёшли украиналик спортчи рад жавобини бермоқда. Бриггс уни кўндириш учун бир қанча провокацияларни амалга оширди, жумладан, пойафзал улоқтирди, у овқатланаётган ресторанга кириб, унга халақит берди, Кличконинг устига сув тўкиб юборди, Instagram’га Кличконинг қулаши акс этган коллаж жойлаштирди ва ҳ.к. Бриггснинг таъкидлашича, бу воқеалар реклама акти эмас.