Спорт | 11:10 / 07.09.2015
2433
1 дақиқада ўқилади

"Челси" ҳам Марсьяль учун 80 млн евро таклиф қилгани маълум бўлди

"Челси" жамоаси ёзги трансферлар даричасининг ёпилиши арафасида "Манчестер Юнайтед" билан яна бир футболчи учун рақобат қилгани аниқланди.

Лондонликлар Педро Родригес билан бўлгани каби Антони Марсьялни ҳам "МЮ"дан олдинроқ "илиб кетиш"га уриниб кўришган, лекин бунга вақт етмай қолган.

Times нашрининг ёзишича, "Челси" "Монако"га 19 ёшли Антони Марсьяль учун "МЮ" билан бир хил миқдордаги маблағ (дарҳол 50 млн евро ва кейинроқ бонуслар кўринишида 30 млн евро) таклиф қилган, лекин бу трансфернинг амалга ошиши учун вақт камлик қилган.

Қайд этилишича, "Челси"дагилар бу ёш ҳужумчини аввалдан кўз остиларига олиб юришган ва кейинги мавсумда уни сотиб олишни мўлжаллашган. 31 август куни "МЮ" унинг трансфери учун ҳаракат бошлаганида, Лондондагилар ҳам тезлик билан бу жараёнга қўшилишган, лекин бу сафар "қизил иблислар" олғирроқ чиқишган.