Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш бўйича дастур қабул қилинди
Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш бўйича 2019 йилгача давом этиши мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури қабул қилинди. Лойиҳа 2015-2018 йилларда Оролбўйи минтақасини ижтимоий-иқтисодий тиклашни кўзда тутади.
Ҳужжат иқтисодиёт, ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо ҳамда молия вазирликлари томонидан ишлаб чиқилди. Ишга бир қатор идора ва ташкилотлар, жумладан, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ижроия қўмитаси, Оролбўйи генофондини ҳимоя қилиш хайрия жамғармаси жалб қилинди.
Дастур минтақада сув ресурсларидан самарали фойдаланиш тизимини такомиллаштиришни кўзда тутади. Бу йўналишда Ўзбекистон 1.099 млрд долларлик 8та лойиҳани амалга оширади. Ўзбекистон бу лойиҳаларнинг 388.3 млн долларлик қисмини ўз зиммасига олади, кредитлар 678 млн долларни, грантлар 33 млн долларни ташкил қилади.
Аҳоли соғлиғини яхшилаш ва экологик таҳдид зонасида генофондни сақлашга 433.69 млн доллар йўналтирилади.
Шунингдек, Оролбўйи аҳолисининг иш билан бандлигини таъминлаш, даромад манбалари яратиш ишларига 321.2 млн доллар сарфланади.
Экотизимни ва биохилма-хилликни тиклаш бўйича чора-тадбирларга 158.1 млн долларлик 16 лойиҳа амалга оширилади.
Дастур, шунингдек, минтақа ижтимоий-сиёсий инфраструктурасини яхшилаш ва қайта тиклашни кўзда тутади. Бу ишларга Қорақалпоғистонда 1.921 млрд доллар, Хоразмда 375.8 млн доллар йўналтирилади.