Жаҳон | 16:18 / 07.09.2015
2273
1 дақиқада ўқилади

Венгрия бош вазири Туркияга қочқинлар муаммосини бартараф этиш учун моддий ёрдам беришга чақирди

Венгрия бош вазири Виктор Орбан Европа Иттифоқи муҳожирлар масаласида Туркия сингари мамлакатларга молиявий ёрдам кўрсатиши зарурлигини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар тарқатди.

Орбан ЕИ мамлакатлари биринчи навбатда ташқи чегараларини мустаҳкамлаши, айни шу вақтда, муҳожирлар оқимини аъзо давлатлар бўйича тенг тақсимлаш масаласини кўриб чиқиши лозимлигини қайд этиб ўтди.

“Европа Иттифоқи қочқинлар муаммосини бартараф этишда катта ҳамият касб этувчи Туркия сингари мамлакатларга моддий ёрдам берувчи фонд ташкил этиш ҳақида ўйласак яхшироқ бўлар эди”, – деди Орбан.

Ўтган дам олиш кунлари Венгрия ва Чехияда муҳожирлар билан боғлиқ вазият кескинлашиб кетгани сабабли Австрия ва Германия уларни ўз мамлакатларига ўтказишга розилик билдирган эди.