Ангрен-Поп тармоғининг 104 километри электрлаштирилди
Мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллиги арафасида Ангрен-Поп темир йўл тармоғининг 104 километрида қурилиш ва электрлаштириш ишлари ниҳоясига етказилиб, ишчи тартибда поездлар ҳаракати йўлга қўйилди.
Барпо этилаётган янги темир йўл магистрали мамлакатимизда ягона темир йўл тармоқларининг яратилишига имкон туғдиради. Мазкур ҳудуддаги тармоқнинг умумий узунлиги 123,1 км ни ташкил этади. Қамчиқ довонида қурилаётган туннелнинг ҳар икки томонидаги темир йўл тармоқларида лойиҳада белгиланган барча ишлар байрам арафасида ўз ниҳоясига етказилди.
Мазкур ҳудудларда 43 млн куб ҳажмдаги тупроқ ишлари, шунингдек, 16,3 млн куб ҳажмли бурғулаш ва портлатиш ишлари тўлиқ якунига етказилди. Лойиҳага биноан 285та сунъий ва сув ўтказувчи иншоотлари, 6та йўл ўтказгич, 13та темир йўл кўприклари (умумий узунлиги 2,1 км), 4та станция, 4та разъезд ва иккита вокзал қуриб битказилди.
Лойиҳадаги 19,1 километрли участкада ҳам асосий туннел, ҳам ён шахталарда ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунда туннелнинг 14 километрлик қисми қазилди. Қўшимча туннелда эса 15 км ковланди. Шунингдек, 10 километрлик қисмида пардозлаш ишлари тугалланган.
Дунё рейтингида мазкур туннел ўзининг мураккаблиги ва тоғ ҳудудида жойлашгани билан 8- ўринни эгалласа, туннелдаги темир йўл изларининг узунлиги бўйича 13- поғонада турибди.
Мазкур темир йўл қурилиши ўз ниҳоясига етганидан сўнг нафақат Ўзбекистон, балки Евросия мамлакатлари ўртасида халқаро темир йўл юк ташишларининг олиб борилишига ҳам имкон туғилади. Айниқса, Хитой ва Европа мамлакатлари ўртасида транзит темир йўл йўлагининг барпо этилишида муҳим аҳамият касб этади. Энг муҳими, юк ташиш ҳажми ортиши билан бир қаторда, уларнинг қисқа муддатларга манзилига етказилишига ҳам хизмат қилади. Шунингдек, мазкур ҳудудларда аҳолининг бандлиги таъминланиб, кўплаб янги иш ўринлари очилади.