Фан-техника | 07:02 / 08.09.2015
3144
2 дақиқада ўқилади

Samsung ҳайдовчилар учун йўлда кетаётганда смартфонни бошқариш режимини тақдим қилди

Samsung компанияси Берлинда бўлиб ўтаётган IFA кўргазмасида Car Mode for Galaxy режимини намойиш қилди. Бу режимга биноан Galaxy-смартфонни автомобилга улаш ва ҳаракатланиш пайтида унинг асосий функцияларидан (мусиқани ёқиш, харита билан таққослаш, хабарларни эшиттириш ва ҳ.к.) хавфсиз фойдаланиш мумкин. Янги хизматни Android-смартфон, асбоблар панелидаги тачскрин ёки рулдаги тугмалар билан бошқариш мумкин бўлади.   

Car Mode for Galaxy хизмати Mirror Link бўйича улана оладиган (Honda, Mercedes, BMW, Toyota ва бошқа компаниялар ишлаб чиқарадиган) исталган автомобиль билан ишлай олади. Хизматнинг мобиль дастурини кўчириб олиш мумкин. 

Ўтган йилнинг мартида шунга ўхшаш CarPlay тизимини Apple, ёзида эса Android Auto интерфейсини Google тақдим қилган эди. Бу тизимларнинг барчаси бир мақсадда – йўлдан эътиборни узмаган ва рулдан қўлни олмаган ҳолда смартфонни бошқаришга хизмат қилади. Ҳайдовчилар йўл-транспорт ҳодисасига тушиш хавфидан хавотирланмаган ҳолда қўнғироқларни амалга оширишлари, хабарларга жавоб беришлари, харитада йўналишларни қуришлари, йўлдаги вазиятни кузатиш (тирбандликлар ва ЙТҲлар) ҳамда интернетда маълумот излашлари мумкин.

Android Auto’дан фарқли ўлароқ,  Car Mode for Galaxy дастури экотизими ёпиқ ишланган. Бу фойдаланувчилар фақатгина Samsung ва унинг ҳамкорлари ишлаб чиқарган функциялар, хизматлар ва дастурларни ишлата олишларини англатади. Эҳтимол келажакда янги режимни қўллаб-қувватлаш нафақат Galaxy-смартфонларда, балки Gear S2 каби “ақлли” соатларда ҳам пайдо бўлади.