Жаҳон | 14:20 / 08.09.2015
2892
2 дақиқада ўқилади

Хитой элчиси: Қўшма Штатлар Хитой компанияларига нисбатан санкция жорий этмаслигига умид қиламан

Хитойнинг АҚШдаги элчиси Цуй Тянькай ХХР раиси Си Цзиньпиннинг АҚШга ташрифидан аввал Америка Хитой компанияларига нисбатан санкциялар жорий этмаслигига умид билдирмоқда. Бу ҳақда элчи China Daily газетасига берган интервьюсида маълум қилган.

Аввалроқ The Washington Post газетаси АҚШ президенти маъмурияти АҚШдаги турли базалардан ўғирланган махфий маълумотлардан тижорий мақсадларда фойдаланилган тақдирда, ХХР компанияларига қарши иқтисодий санкциялар жорий этишга тайёргарлик кўраётганини хабар қилган эди. Нашр маълумотларига кўра, мазкур санкциялар яқин кунларда Америка вазирликлари ва ташкилотларида кўриб чиқилади.

Хитойлик дипломат эса ҳар икки томон ҳам кибер хуружлар хавфи остида қолаётгани, айниқса Хитой ривожланаётган мамлакат сифатида бу каби ҳужумлардан кўпроқ талофат кўраётганини таъкидлаб ўтди.

“Бу эса Хитой ва АҚШнинг мазкур соҳада можаролар ва қарама-қаршиликлар хавфини камайтириш учун алоқа ва ҳамкорликни кенгайтиришга етарлича асослари мавжудлигини кўрсатади, – деди Цуй Тянькай. – Умид қиламанки, АҚШ тўғри қарорга келади”.