"Бавария"нинг "Аугсбург"га қарши ўйинида хато туфайли пенальти белгилаган ҳакам хатоси учун узр сўради
12 сентябрь куни Бундеслиганинг 4-тури доирасида ўтказилган "Бавария" ва "Аугсбург" баҳсини бошқарган ҳакам Кнут Кирхер мезбонлар фойдасига хато қилганини тан олди.
Ўйиннинг охирги дақиқалари давом этаётган вақтда таблода 1:1 ҳисоби ёниб турган, "Аугсбург" кучли рақиб майдонидан очко олиб қайтиш арафасида эди.
Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда мезбонлар аъзоси Дуглас Коста рақиб жарима майдони ичида ҳимоячилардан бирига бориб урилиб, йиқилди ва ён қанот ҳаками фол қайд этди. Натижада бош ҳакам томонидан белгиланган 11 метрлик жарима нуқтасидан "Бавария" ҳужумчиси Томас Мюллер унумли фойдаланиб, жамоасига ғалаба келтирди.
"Лайнсмен ўша вазиятда ўйин қоидаси бузилганига мени ишонтирди ва мен унга асосланиб қарор қабул қилдим. Вазият тасвирини қайта кўриб чиққанимда эса хато қилганимни англадим. Бу хато туфайли "Аугсбург" очкодан маҳрум бўлди, бунинг учун қаттиқ афсусдамиз", дейди Кирхер Goal.com нашрига берган интервьюсида.
Маълумот учун, "Бавария" ушбу ғалабадан кейин очколари сонини 12тага етказиб олди ва йўқотишларсиз кетаётган "Боруссия Д" билан биргаликда турнир жадвалида қўшҳокимлик ўрнатган.