АҚШда 14 ёшли ўсмир бомбага ўхшаш соат ясагани учун ҳибсга олинди
14 ёшли Аҳмед Моҳамед (Ahmed Mohamed) мактабга ўқитувчиларининг кўзига бомба бўлиб кўринган қўлбола соатни кўтариб келгани учун полиция маҳкамасига олиб келинди. Бу ҳақда Dallas Morning News хабар берди.
АҚШнинг Техас штати Ирвинг шаҳридаги мактаб ўқувчиси уч ўқитувчи шикоятидан сўнг полиция маҳкамасига қўлидаги кишан билан олиб келинди. 9-синф ўқувчисининг сўзларига кўра, у шунчаки турли хил буюмларни ясашга қизиқади ва ўзининг қўлбола соати билан ўқитувчиларини ҳайратга солмоқчи бўлган.
Бироқ Моҳамед ўзи ясаган қурилмани кўрган биринчи ўқитувчи болага уни бошқа ҳеч кимга кўрсатмасликни маслаҳат берган ва бола соатини ўз сумкасида қолдирган. Бошқа дарс вақтида эса соат бонги ишлаб кетган ва ўқувчи уни дарсдан сўнг ўқитувчисига кўрсатишга мажбур бўлган.
Шундан сўнг мактабга полиция чақирилган. Етиб келган зобит Моҳамедни полициянинг вояга етмаганлар билан ишлаш бўлимига олиб келишган.
Олиб қўйилган “бомба” болага қайтарилмаган. 14 ёшли мактаб ўқувчиси уч кун давомида дарсларда иштирок этмаган.
Нашр маълумотларига кўра, полиция текширув ишларини давом эттириб, содир бўлган воқеа сабабларини ўрганмоқда.
Бола отасининг фикрича, у билан содир бўлган ҳодиса исломофобия (ислом динидан қўрқиш. — kun.uz) сабабли вужудга келган. Моҳамед тарихидан хабардор бўлган Wired технология нашри эса бомбага ўхшамаган соатни қандай ясаш тўғрисида видео машғулотни эълон қилди.