Жаҳон | 11:03 / 17.09.2015
2716
2 дақиқада ўқилади

Чилида зилзила туфайли 1 миллион киши эвакуация қилинди

Охирги маълумотларга кўра, Чилида Тинч океанида юз берган зилзиланинг қайталаниши туфайли 5 киши ҳалок бўлган ва 1 миллион атрофидаги киши хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган. Бу ҳақда Чили Фавқулодда вазиятлар миллий бошқармаси директори Рикардо Торога асосланиб, La Tercera нашри хабар берган.

Рикардо Торо туманлар аҳолисини цунами хавфи сақланиб қолаётгани ҳақида огоҳлантирган. Ўз навбатида Чили ИИВ раҳбари ўринбосари Махмуд Алеуй ҳалок бўлган 5 кишининг 3 нафари зилзила вақтида юрак хуружига учраб оламдан ўтгани ҳақида айтган. Яна икки киши вайроналар остида қолган.

Бироз олдинроқ, Чили президенти Мишель Бачелет 17 сентябрь куни зилзиладан талафот кўрган ҳудудларга ташриф буюриши ҳақида айтганди.

Маълум қилинишича, ҳодиса оқибатида Саламанка шаҳридаги йўллар, кўприклар ва уйлар вайрон бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 17 сентябрга ўтар кечаси Тинч океанининг Чили қирғоқларига яқин ҳудудида 8,3 балли зилзила содир бўлди. Бу зилзила Чили ҳудудида 4 марта қайталанди.

Қуруқликда такрорланган зилзилалардан энг кучлисининг маркази Чилининг Ильяпель шаҳридан 25 км масофада содир бўлди.

Бу табиий офат ортидан навбатдаги табиий офат - цунами Чилига таҳдид солиши мумкин.