Спорт | 09:54 / 17.09.2015
3643
2 дақиқада ўқилади

Луис Энрике: Флоренцининг голи менинг айбим билан содир бўлди

"Барселона" клуби бош мураббийи Луис Энрике ЕЧЛнинг биринчи турида "Рома"га қарши кечган учрашувдан (1:1) сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

У ўйинда Рафинья олган жароҳат номаврид иш бўлганини таъкидлаган.

У шунингдек, рақиблардан ҳужумкор ўйин кутгани, лекин ҳимояга қамалиб олган жамоа дуранг учун ўйнаганига эътиборни қаратди.

"Биз асосан тўпни ўз назоратимиз остида ушладик ва рақиб дарвозаси бир қатор хавфли вазиятлар яратдик. Бизни натижадан бошқа барчаси қониқтирди", дейди мураббий.

Мураббий дарвозабон тер Штегеннинг айби билан содир бўлган гол учун жавобгарликни ўз зиммасига олган.

"Рома"нинг голи менинг айбим. Биз дарвозабонга олдинга чиқиб ўйнаш бўйича кўрсатма бергандик. Рақиблар бизга яна бир марта узоқ масофадан гол урмаслигига ишонгандим.

Рафиньянинг жароҳати яхши иш бўлмади. Унинг тиззаси қаттиқ жароҳатланди. Унинг аҳволи ҳақида энди у тиббий кўрикдан ўтгачгина аниқ гап айтишим мумкин", дейди Энрике.

Эслатиб ўтамиз, ўйиннинг 31 дақиқасида "Рома"нинг 24 ёшли қанот футболиси Алессандро Флоренци майдоннинг ўнг қанотидан туриб деярли 45 метр масофадан "Барселона" жамоаси дарвозасига гол йўллаганди. Бу вазиятда Марк-Андре тер Штеген олдинга чиқиб кетганди.

Маълумот учун, август ойида ҳам "Атлетик"ка қарши баҳсда тер Штеген Микел Сан-Хосенинг майдон марказидан йўллаган зарбасини ўтказиб юборганди.