Жамият | 19:45 / 20.09.2015
7194
2 дақиқада ўқилади

Бир оёқли раққос “Танцы” шоуси ҳакамлари ва томошабинларини ҳайратга солди

ТНТ телеканалида эфирга узатиладиган “Танцы” кўрсатуви иштирокчиси Евгений Смирнов ҳакамлар ва томошабинларни ҳайратга солди. У ўзининг фамилиядоши бўлган Даша исмли қиз билан модерн ва брейкданс элементларидан иборат рақс ижро этди. Раққосларнинг чиқиши уларни томоша қилган барчада таҳсин ва кўз ёшлари келтириб юборди, чунки Женянинг бир оёғи йўқ.

Женя ва Даша Сочи шаҳри номидан иштирок этишади. Женянинг айтишича, у 2001 йилдан бери рақслар билан шуғулланиб келади. Бир неча йил аввал унинг ҳаётида мудҳиш воқеа юз берди – у йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида бир оёғидан ажралди.

Йигит бундай кўргуликдан қандайдир фурсат давомида ўзини йўқотиб, нима қиларини билмай қолганини тан олди. Бироқ кейин ўзини қўлга олиб, рақс учун яшашда давом этди.

Шоу ҳакамларидан бири Егор Дружинин Женяни замонавий қаҳрамон ҳамда ғалабага ва рақсга интилишдаги ҳақиқий ўрнак деб атади. Дружининнинг таъкидлашича, йигитга жамоа зарур, чунки у ўзини йўқотиб қўйган, рақсда бирор нарсага эриша олмаётганлар учун ҳақиқий ўрнак бўлса арзигулик инсондир.

Ҳакамлардан яна бири Ольга Бузова кўз ёшларини зўрға тийишга уриниб, Женя лойиҳада иштирок этишга мажбур, деб айтди.

Хореограф Мигелнинг айтишича, раққос учун энг қўрқинчлиси – бу унинг танаси билан нимадир юз беришидир, бироқ Женя унга ҳеч нарсадан қўрқмаслик кераклигини исботлай олди. Хореографнинг айтишича, Женянинг чиқишидан кейин у ўзини унинг олдида “ҳея кимдек” ҳис қилган.

Жуфтлик кейинги босқичга йўл олди. Бироқ Женя охирида ҳакамлар уларга нима учун имконият берганларини – унинг ногиронлиги сабабми ёки яхши ижро этилган рақс учунми – билолмаганини тан олди.