Обид Юнусов ноқобил фарзанд фожиаси ҳақида
Бугун, 21 сентябрь куни 81 ёшида оламдан ўтган Ўзбекистон халқ артисти Обид Юнусов иштирок этган, унинг охирги ижроси бўлиб қолган "Норизо" номли видеоролик ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари эътиборини ўзига қаратди.
Ижтимоий йўналишдаги ушбу роликда Обид Юнусов марказий қаҳрамон, ноқобил ўғил томонидан қадрланмаган ота образини ижро этиш билан биргаликда, кадр ортида монолог ўқийди.
Ролик сюжетига кўра, фарзандини оқ ювиб, оқ тараган, уни тарбиялаган ота, ўзи кексайиб кучдан қолгач, ўз ўғлига кераксиз бўлиб қолади. Ўз отасидан номус қила бошлаган фарзанд уни охир-оқибат қариялар уйига олиб бориб ташлайди.
Ота эса ўғлига фақат яхшиликлар истаб, қайтар дунё унга ҳам ўзи билан бўлганидек қисматни раво кўрмаслигини тилайди.
Воқеалар якунида ўғил ўз фожиасини англаб етади, бироқ у отасини уйига олиб қайтиш учун келганида, ота жон беради.
Лойиҳа "Ўзбектелефильм" ҳамкорлигида ишланган. Лойиҳа муаллифлари Барлос Али ва Обид Юнусов бу орқали жамият эътиборини яна бир жиддий муаммо ҳақида ўйлашга мажбур этган.