Спорт | 21:18 / 26.09.2015
3280
2 дақиқада ўқилади

Месси “Лас-Пальмас” билан учрашувнинг 10-дақиқасида жароҳат олгани туфайли алмаштирилди

“Барселона” ҳужумчиси Лионель Месси Испания Примераси 6-туридан ўрин олган “Лас-Пальмас”га қарши учрашувнинг 10-дақиқасида жароҳат олгани туфайли алмаштирилди. Бу футболчининг фаолиятидаги энг эрта алмаштирилиши бўлди. Умумий ҳисобда аргентиналик футболчи 521 марта дастлабки таркибда майдонга тушган. 

Мессининг ўрнига Мунир Ал-Ҳаддодий туширилди.

Месси учрашувнинг 5-дақиқасида жароҳат олди: футболчи зарба бераётган пайтда рақибига урилиб кетиб, йиқилиб тушиб, тиззасини ушлаб қолди. Лионель ўзига келиб олгунча майдонни тарк этишга мажбур бўлди. Майдонга қайтгач, бир дақиқа ўтиб ўйинни давом эттира олмаслигини англагач, алмаштирилди.

Эслатиб ўтамиз, учрашувда “Барса” 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Голларни “Барса” таркибида Луис Суарес 25- ва 54-дақиқада, “Лас-Пальмас” таркибида 88-дақиқада Хонатан Виера киритди. Неймар 66-дақиқада Антолин Алькараснинг қўл билан тўпга ўйнагани учун белгиланган 11 метрлик жарима тўпини амалга ошира олмади.