Жаҳон | 20:01 / 28.09.2015
5601
2 дақиқада ўқилади

Шакира БМТнинг барқарор ривожланиш саммитида Айлон ва Ғолиб Курдига бағишлаб қўшиқ айтди

Машҳур лотин америкалик хонанда Шакира 25 сентябрда Нью-Йоркда БМТнинг глобал ривожланиш саммити очилишида Суриядаги урушдан қочиб, тинч ҳаёт излаб ўз оиласи билан денгиз орқали Европага ўтаётганда денгизда чўкиб кетган суриялик 3 ёшли бола Айлон Курди ва унинг 5 ёшли акаси Ғолиб Курди ҳамда барча суриялик қочқинларнинг фарзандларига бағишлаб Жон Ленноннинг “Imagine” қўшиғини куйлади.

Хонанда қўшиқни куйлашдан олдин нутқ сўзлади ва қўшиқни Суриядаги урушлар жабрдийдалари бўлган барча суриялик болаларга, хусусан марҳум ака-ука Айлон ва Ғолиб Курдига бағишлашини айтди.

Қайд этиш жоизки, охирги вақтларда Шакира камдан-кам ҳолларда омма олдида кўринмоқда. Гап шундаки, Шакира бутун вақтини шахсий ҳаётига, хусусан иккита ўғил фарзандини тарбиялашга бағишламоқда.

“Шакира Изабель Муборак Риполл Лотин Америкасидан чиққан муҳожирларнинг таълим даражасини ошириш бўйича АҚШ президентининг консультатив комиссиясининг аъзоси қилиб тайинланди”, дейилмоқда АҚШ президенти маъмуриятида.

Шакира 2003 йилда ЮНИСЕФнинг кўнгилли элчиси этиб тайинланган. Ўтган йили Халқаро меҳнат ташкилоти Шакирани кам таъминланган лотин америкалик оилалар болаларига кўп йиллик ёрдами учун медаль билан тақдирлаган эди.

Асли колумбиялик бўлган Шакира бутун дунё бўйлаб кўплаб таълим лойиҳаларида иштирок этади.