Жаҳон | 15:08 / 05.10.2015
6228
2 дақиқада ўқилади

Чимён МДҲдаги 10та энг яхши тоғ-чанғи курортидан бири деб топилди

Россиянинг меҳмонхоналардан онлайн жой банд қилиш Oktogo.ru хизмати рус сайёҳлари ўртасида МДҲ ва яқин хориж мамлакатларидаги қайси тоғ-чанғи курортлари кенг оммалашганини аниқлаб чиқди.

Мазкур рейтинг 2016 йил 1-10 январдаги янги йил таътили кунлари давомида мустақил саёҳат қилувчи туристлар томонидан меҳмонхоналарнинг олдиндан банд қилингани тўғрисидаги маълумотлар асосида тузиб чиқилди.
МДҲ давлатларидаги энг оммавий 10та тоғ-чанғи курортлари рўйхатига Ўзбекистон, Қозоғистон, Белорусь, Арманистон, Қирғизистон, Грузия ва Украинадаги тоғ-чанғи комплекслари ўрин эгаллади.

Мазкур рўйхатнинг 9- бандидан ўрин олган Чимён, айни пайтда, МДҲдаги қишки таътил учун энг арзон жойлардан бири сифатида ҳам эътироф этилди.
Ушбу топ-10таликни Қозоғистоннинг Шимбулак тоғ-чанғи курорти бошлаб берди. Шунингдек, Цахкадзор (Арманистон), Логойск (Белорусь), Қараўл (Қирғизистон), Гудаури (Грузия), Буковель (Украина), Бакуриани (Грузия), Олтой Альплари (Қозоғистон) ва Силичи (Белорусь) курортлари ҳам ўрин эгаллади.

Энг арзон тоғ-чанғи курортлари рўйхатини эса Логойс ва Силичи кунига ўртача 47 доллар сарфланиши билан бошлаб берди. Ушбу рўйхатда Чимён бир кунда унча арзон бўлмаган меҳмонхонада бир тунаш, кечки таом ва ски-пасс (тепаликдан муайян масофага чанғи ёки сноубордда тушиш) харажатлари 51 долларни ташкил этиб, учинчи ўринда қайд этилди. Шимбулоқ эса мазкур харажатлар учун ўртача 95 доллар талаб қилиб, рўйхатни якунлаб берди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш