Спорт | 18:23 / 22.10.2015
3748
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонлик дзюдочи қизлар Осиё чемпионати ғолиблари бўлишди

Дзюдо бўйича ёшлар ўртасида Қирғизистонда ўтказилган Осиё кубоги мусобақасида қорақалпоғистонлик уч нафар спортчи-қиз совринли ўринларни эгаллади.

Осиёнинг кучли спортчилари ўзаро беллашган ушбу мусобақада Нукус шаҳридаги 2-тиббиёт коллежи ўқувчиси Гулнур Муратбоева 44 килограмм ва 34-умумтаълим мактаби ўқувчиси Нилуфар Ермағанбетова 52 килограмм вазн тоифасида олтин медални қўлга киритди. 1-Нукус тиббиёт коллежи ўқувчиси Гулойим Жумабоева вазни 52 килограммгача бўлган спортчилар ўртасида бронза медаль билан тақдирланди.

Гулнур Муратбоева 5-9 октябрь кунлари Таиланднинг Бангкок шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида бронза медални қўлга киритган эди.

– Чемпионат муросасиз бўлди, дастлаб хитойлик, сўнг туркманистонлик спортчи устидан ғалабага эришдим, – дейди Г.Муратбоева. – Ўз устимда янада кўпроқ ишлаб, хато ва камчиликларимни тузатишни, Осиё чемпиони бўлишни мақсад қилганман.

Тажрибали мураббий Байрам Сатуллаев раҳбарлигида етти йилдан буён дзюдо билан шуғулланаётган Гулнур Муратбоева шу кунга қадар етти марта Ўзбекистон чемпиони, уч марта халқаро турнирлар ғолиби бўлди. Жорий йилнинг апрель ойида Россиянинг Тверь шаҳрида ўтказилган Европа очиқ кубоги мусобақасида учинчи ўринни эгаллади.