2015 йилнинг 9 ойида Наманган вилоятида ЯҲМ ўсиши 9,2 фоизни ташкил этди
Наманганда 2015 йилнинг тўққиз ойида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари ижросини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда УзА хабар берган.
Вилоят ҳокими Б.Юсупов бошқарган йиғилиш сим орқали мулоқот тарзида ташкил этилиб, унда вилоят,туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, бошқарма ва идоралар, йирик саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари қатнашди
Ҳисобот даврида вилоятда иқтисодиёт реал секторининг барча тармоқларида барқарор ўсиш суръатлари таъминланди. Ялпи ҳудудий маҳсулот 9,2, саноат ишлаб чиқариш 17,3, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 5,1 фоизга ўсди. Корхоналар томонидан 1,7 триллион сўмдан ортиқ саноат маҳсулотлари, 1,1 триллион сўмлик халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқарилди.
Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб- қувватлаш бўйича чора-тадбирлар дастурини изчил амалга ошириш натижасида ўтган даврда 1228 янги кичик бизнес субъекти ташкил этилди ҳамда 47 минг 743 янги иш ўрни яратилди.
Қишлоқларнинг қиёфасини тубдан ўзгартириш, аҳоли фаровонлиги ва турмуш маданиятини юксалтиришга қаратилган ишлар доирасида намунавий лойиҳалар асосида 727 уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Йиғилишда 2015 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш прогноз параметрларининг бажарилиши ва уларни диверсификациялаш, 2016 йилда иқтисодиёт тармоқларини барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратиш, 2015 йилда ишга тушириладиган энг муҳим объектларнинг фойдаланишга топширилиши, муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича 2016-2019 йилларга мўлжалланган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини бошлаш, экспорт ҳажмини кўпайтириш, экспорт қилувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик борасида амалга оширилаётган ишлар натижалари таҳлил қилинди.
Йиғилишда эришилган ютуқлар билан бирга, йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳам таҳлил этилиб, уларни бартараф этиш юзасидан вазифалар белгиланди. Кичик бизнес субъектларининг 12 фоиздан ортиғи фаолият кўрсатмаётгани, айрим туман ва саноат корхоналарида ишлаб чиқариш ҳажми, экспорт кўрсаткичлари камайгани танқид қилинди. Мавжуд камчиликларни батараф этиш чоралари белгилаб олинди.
Наманган вилояти фаоллар йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.Азимов сўзга чиқди.