Жаҳон | 19:29 / 27.10.2015
5463
2 дақиқада ўқилади

Афғонистонда зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 115 кишига етди

Афғонистонда минтақада 26 октябрда юз берган зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 115 кишига етди, 538 дан ортиқ киши жароҳат олди. Афғонистон президенти Ашраф Ғани Аҳмадзой берган бу маълумотларни Хитойнинг “Синьхуа” агентлиги келтириб ўтди.

Зилзила 26 октябрда Афғонистон вақти билан 13:39 да (Тошкент вақти билан 14:19 да) содир бўлди. АҚШ геологик хизмати маълумотларига кўра, зилзила магнитудаси 7,5 баллни, Покистон геологик департаменти маълумотларига кўра эса 8,1 баллни ташкил қилган. Кейинроқ шу ҳудудда 4,1-4,8 магнитудали яна бир қатор зилзилалар қайд этилган.

Зилзила кучи, шунингдек, Россия, Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистон ва Шарқий Осиёнинг кўплаб давлатларида сезилган.

Зилзиладан Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош Хайбер-Пахтунхва вилояти ва “қабилалар ҳудуди” деб аталувчи жойлари энг катта талофатлар кўрди. Охирги маълумотларга кўра, Покистонда камида 275 киши ҳалок бўлган, 2 мингдан кўпроқ одам жароҳат олган, юзлаб уйлар вайрон бўлган. Кўпчилик янги зилзилалар рўй бериши мумкинлигидан биноларга қайтишга қўрқиб, кечани кўчада ўтказишган. Вилоятда фавқулодда вазият эълон қилинган.

Яқин атрофдаги давлатлардан Ҳиндистон энг кам талофат кўрган, бу ерда 4 киши ҳалок бўлган, ўндан кўпроқ одам жароҳат олган.