Жаҳон | 11:19 / 27.10.2015
7077
2 дақиқада ўқилади

Афғонистондаги зилзила туфайли ҳалок бўлганлар сони 350 нафарга етди

Аввал хабар берилганидек, Афғонистонда 26 октябр куни 7,5 балли ер қимирлаши содир бўлди. Унинг таъсри Ўрта Осиёнинг бошқа республикаларида ҳам сезилди. Кўплаб шаҳар ва қишлоқларда аҳолининг уйлари, мактаблар ва бошқа бинолар шикастланди.

Охирги маълумотларга кўра, ушбу ер қимирлаши туфайли Афғонистонда 70 киши, Покистонда 275 киши, Ҳиндистонда эса 4 киши ҳалок бўлган.

Шунингдек, зилзила туфайли жароҳатланганлар сони Афғонистонда 200дан ортиқ, Покистонда 2 мингдан ортиқ, Ҳиндистонда эса бир неча 10 кишини ташкил қилди.

Қурбонлар орасида Афғонистоннинг Тоҳар вилояти мактаблардан бирида, эвакуация вақтида юз берган тиқилинч туфайли қурбон бўлган 12 нафар ўқувчи қиз ҳам бор. Ер силкиниши бошланганидан кейин, мактаб биносидан қочиб чиқмоқчи бўлганлар сони кўп бўлган ва кучли тиқилинч юз берган.

Айни вақтда тоғли ҳудудлардан жабрланганлар ва уйларнинг вайрон бўлгани ҳақидаги хабарлар келишда давом этмоқда. Афғонистоннинг Бадахшон вилоятида ўнлаб уйлар бузилиб кетган. Кобулда ҳам ер қимирлашидан сўнг кўплаб бинолар электрдан узилиб қолган, телефон тармоғи ишламай қолган.

Ҳукумат фалокат қурбонлари сони ортиши мумкинлигини таъкидлаб, ҳозирда узоқ туманлардан маълумотлар олинмагани айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистонда 26 октябрь куни соат 14.09да магнитудаси 7,5 балл бўлган ер қимирлаши содир бўлди.

Европа-Ўрта Ер денгизи сейсмология марказининг маълум қилишича, зилзила маркази Афғонистон пойтахтидан шимоли-шарқий томонга 259 км узоқликда Ҳиндукуш тоғларида, ўчоғи 190 км чуқурликда бўлган.