Браун: WBA менга Чагаев билан жанг қилиш учун рухсат беришини интизорлик билан кутмоқдаман
Бокс бўйича ўта оғир вазн тоифасининг WBA (regular) чемпионлик камари учун расмий биринчи рақамли даъвогар бўлган австралиялик Лукас Браун (23-0, 20 КО) мазкур камар соҳиби ўзбекистонлик Руслан Чагаевдан (34-2-1, 21 КО) таклиф тушишини кутиб турганини маълум қилган.
Fightnews нашрининг ёзишича, Браун Русланга қарши ўтказиладиган жангни интизорлик билан кутмоқда ва буни амалга ошиши учун ҳар қандай вақтда, ер сайёрасининг ҳар қандай жойида бўлишга тайёр эканини маълум қилган.
«Менда Чагаевга қарши бўлиб ўтадиган жангни кутавериш учун сабрим тугамоқда. Мен шунчаки ўтирибман ва мазкур жанг бўйича бирор янгилик айтишлари учун телефон қўнғироғини кутмоқдаман. Одамлар ҳар доим ушбу жанг қачон ва қаерда бўлишини мендан сўрашади. Биз WBA томонидан бунга рухсат берилишини кутмоқдамиз. Тўғрисини айтсам, менга жанг Австралияда бўладими, Буюк Британиядами фарқи йўқ. Мен кўпроқ жанг ўтказган аренада бўлса ажойиб бўларди», — дея гапириб ўтган Браун.
Эслатиб ўтамиз, Чагаев жорий йилнинг 17 октябрь куни Германияда пуэрто-рикалик Фрес Окендо (37-8, 24 КО) билан рингга чиқиши керак эди. Бироқ Окендо жароҳат боис сўнгги паллада мазкур жангга рад жавобини берганди.