Ҳакамнинг ўлимига сабаб бўлган голландиялик 4 нафар ёш футболчи футболдан умрбод четлатилди
Қанот ҳакамининг ўлимига сабаб бўлган беш нафар голландиялик ёш футболчилар иши бўйича Голландия футбол Федерацияси тартиб-интизом қўмитаси чиқарган қарор маълум бўлди. Бу ҳақда NOS нашри хабар тарқатмоқда.
Қарорга кўра, тўрт нафар футболчи умрбод Голландия футбол Федерацияси томонидан ўтказиладиган мусобақаларда иштирок этишдан четлатилди. Яна бир ўйинчи эса 5 йиллик дисквалификация билан жазоланди. Футболчилар мазкур қарор юзасидан апелляция беришлари мумкин.
41 ёшли ҳакам Рихард Ньивенхейзен 2012 йилнинг декабрида «Ньив Слотен» ва «Бейтенбой» ҳаваскор жамоалари ўртасидаги учрашувдан сўнг 15-16 ёшли бир неча футболчилар томонидан калтакланган ва воқеадан бир кун ўтиб, ҳаётдан кўз юмганди.
Жорий йилнинг апрель ойида мазкур жиноий иш юзасидан суд жараёни якунига етган, шу сабабли тартиб-интизом қўмитаси ўз қарорини энди маълум қилди.
Ҳакамнинг ўлимига сабаб бўлган барча футболчилар турли муддатларга қамоқ жазоси тайинланди. Муштлашувда иштирок этган футболчилардан бирининг отаси эса 6 йилга озодликдан маҳрум қилинди.