Жаҳон | 19:13 / 27.10.2015
3279
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Афғонистонда жангарилар 14 кишини ўғирлаб кетди

Афғонистоннинг жануби-шарқида жойлашган Забул вилоятида номаълум жангарилар 14 кишини ўғирлаб кетди. Бу ҳақда Hama Press агентлиги маълум қилди.

Агентлик маълумотларига кўра, барча асирлар бир оила аъзолари бўлиб, уларнинг орасида аёллар ва болалар кўпчиликни ташкил қилади. Айни пайтда ҳеч қайси бир террорчилик гуруҳи ушбу жиноят учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади.

Вилоят расмийлари Афғонистон раҳбариятига асирларни озод қилиш бўйича шошилинч чораларни қабул қилишни сўраб мурожаат қилишди. Акс ҳолда, маҳаллий маъмуриятда таъкидланишича, бу нохуш воқеа Забулда яшовчи қабилалар ўртасида тўқнашувларга олиб келиши мумкин.

Март ойида шу вилоятда 31 тинч аҳоли ўғирлаб кетилган эди, айни пайтда улардан 19 нафарини афғон қамоқларида сақланаётган жангариларга алмашиш эвазига озод қилишга муваффақ бўлинган. Қолган асирларнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда. Ҳуқуқ-тартибот муассасалари ушбу жиноятни амалга оширганликда мамлакатнинг жануби ва шарқида фаол ҳаракат қилаётган, ИШИДнинг Афғонистондаги бўлими жангариларини гумон қилмоқда.