Ўзбекистонга 2015 йили 7 минг япониялик турист ташриф буюрди
Япония бош вазири Синдзо Абэнинг Ўзбекистонга ташрифи муносабати билан ташкил этилган бизнес-форумда туризм соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Ундан сўнг ўзбекистонлик ва япониялик туроператорларнинг В2В форматида ўтган учрашувида конкрет таклифлар билдирилди.
Тадбир “Буюк Ипак йўли” ташкилоти томонидан уюштирилиб, туристик оқимларин ошириш масаласига йўналтирилди.
Kultura.uz сайтининг маълум қилишича, тадбирда Япония туристик агентликлари уюшмаси (JATA), бир қатор йирик туристик компаниялар вакиллари иштирок этишди. Уларга “Ўзбектуризм” томонидан видеотақдимот намойиш этилди.
Иштирокчилар қаршисида чиқиш қилган JATA президенти Хироми Тагава уюшма таркибида мингдан ортиқ турфирмалар борлигини таъкидлади. Уларнинг йиллик айланмаси 6 млрд долларни ташкил қилади.
Шунингдек, у 2015 йилнинг ўтган даврида Ўзбекистонга япониялик 7 минг сайёҳ ташриф буюрганини маълум қилди.
“Мамлакатингиз кўп асрлик маданий анъаналарига эга, Ўзбекистонда кўплаб маданий ёдгорликлар мавжуд, сизнинг уста ва ҳунармандларингиз қилаётган ишлар таҳсинга сазовор, - деди Х. Тагава. – Агар асосий урғуни миллий анъаналар намойишига йўналтирса, япониялик туристларга улар намойиш этилса, Япониядан Ўзбекистонга келаётган туристик оқимнинг сезиларли даражада ўсишига эришиш мумкин. Мен қадимги Самарқандга борганимда бунга амин бўлдим”.